Quick search
Advanced search
Reset all
All news

Ўзбекистон: Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари зўравонликка айлангани, блоггерлар ва фаоллар таъқиб қилингани – фуқаролар эркинликлари қаттиқ чекланганлигича қолаётганидан далолат беради

Ўзбекистон: Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари зўравонликка айлангани, блоггерлар ва фаоллар таъқиб қилингани – фуқаролар эркинликлари қаттиқ чекланганлигича қолаётганидан далолат беради
Ўзбекистон: Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари зўравонликка айлангани, блоггерлар ва фаоллар таъқиб қилингани – фуқаролар эркинликлари қаттиқ чекланганлигича қолаётганидан далолат беради
In partnership with:
CIVICUS

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ва Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA) томонидан CIVICUS Monitor учун тайёрланган ушбу энг сўнги хабарнома Ўзбекистонда 2021-йил 1-ноябрдан 2022-йил 30-сентабргача бўлган даврда сўз, уюшмалар ва тинч йиғилишлар эркинлигига таъсир кўрсатадиган асосий ўзгаришлар ҳақида умумий маълумот беради.


This update is also available in English.


Президент Шавкат Мирзиёев 2022-йил 20-июн куни Конституцияга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш лойиҳасини баён қилиб, ушбу ўзгартиришлар бўйича умумхалқ референдуми ўтказишни таклиф қилган эди. Кузатувчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари таклиф этилаётган ўзгартиришлар Президентнинг ваколат доирасини чекламаслиги ва Президент Мирзиёевга яна икки етти йиллик муддат – 2040 йилгача ҳокимият тепасида қолиш имконини беришидан хавотир билдиришди.

Таклиф этилаётган ўзгартиришлар Ўзбекистон таркибидаги Қорақалпоғистон мамлакатида норозиликка сабаб бўлди, чунки улар ушбу регионни автоном мақомини ва унинг Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиш конституциявий ҳуқуқини бекор қиладиган ўзгартиришларни ўз ичига олган эди. Қорақалпоғистонлик блогерлар, журналистлар ва фаоллар таклиф қилинаётган ўзгартиришларни танқид қила бошлаганларида, аҳолининг норозилиги кучайиб, Нукус ва Қорақалпоғистоннинг бошқа шаҳарларида одамлар норозилик намойишига тўпланишди. Ҳукумат  ҳаддан ташқари куч ишлатиб намойишни тарқатиб юборганлиги хабар қилинмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, улардан 17 нафари фуқаро ва тўрт нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари. Бироқ оммавий ахборот воситаларида 2022-йилнинг 2-июл куни кечки пайтга қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида камида 77 жасад борлиги айтилган. Бошқа тиббиёт муассасаларидаги вазият ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Гувоҳларнинг айтишича, камида 20 киши ҳалок бўлган. Расмийлар намойишларда бошчилик қилган деб гумон қилинган журналистлар, блогерлар ва фаолларни ҳибсга олган.

Ўзбекистонда уюшмалар, тинч йиғилишлар ва сўз эркинликларини амалга ошириш учун майдон ўта чекланганлигича қолмоқда: журналистлар ва блогерларни таъқиб қилиш ва қўрқитиш, шунингдек, шу жумладан, мамлакатда фаолият юрита оладиган кам сонли мустақил оммавий ахборот воситаларига ҳукумат томонидан босимлар давом этмоқда. Ҳукуматни танқид қилувчи блогерлар алоҳида хавф остида.

“2021-2025-йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг қабул қилиниши каби давлат органлари томонидан фуқаролик жамияти маконини ривожлантириш бўйича бир қатор ижобий кўринган қадамларга қарамай, бу каби қонунчилик ташаббуслари шаффоф эмаслигидан хавотирлар мавжуд ва амалда фуқаролик жамияти ташкилотлари жиддий муаммоларга дуч келишда давом этмоқда – айниқса, мажбурий давлат рўйхатидан ўтиш ҳақида гап кетганда. 2022-йил июн ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган янги меъёрлар хорижий донорлар томонидан молиялаштирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан мажбурий давлат назоратини ўрнатишни назарда тутади ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг мамлакатда фаолият юритиш имкониятларини янада чеклаш билан таҳдид қилади.

“Ёлғон маълумот” тарқатганлик учун номутаносиб жазоларни назарда тутувчи ҳаддан ташқари кенг ва ноаниқ қонунчиликнинг амалга оширилиши ва Жиноят кодексининг туҳмат бўйича қоидаларидан фойдаланишда давом этиши ҳам он-лайн, ҳам офлайн режимда сўз эркинлигини чеклашга олиб келади. Бундай ҳаддан ташқари кенг ва ноаниқ қонунчилик расмийларга сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи халқаро стандартларни бузган ҳолда веб-сайтларни блоклаш имконини беради – қайсики мунтазам равишда содир бўладиган амалиётдир.

Конституциявий ўзгартиришлар

2022-йил май ойида Конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия тузилиб, унга парламент Сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов комиссия раҳбари этиб тайинланди. Қолган аъзолар депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча вилоятлари вакиллари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа экспертлар – жами 46 нафардан иборат.

Кейинги ойда Комиссия Конституциянинг 64 моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритишни таклиф этувчи қонун лойиҳасини илгари сурди. Президент Мирзиёев таклиф этилаётган ўзгартиришларнинг тўртта асосий устувор йўналишини белгилаб берди, улардан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларига тегишли. Президент яқин вақт ичида таклиф этилаётган ўзгартиришлар бўйича умумхалқ референдумини ўтказишни таклиф қилди. Президентнинг сўзларига кўра, фуқаролар томонидан конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича 48,5 мингдан ортиқ таклифлар онлайн тарзда келиб тушган. Эндиликда қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисига биринчи ўқишга киритилишидан олдин рўйхатдан ўтган беш партия томонидан муҳокама қилиниши керак.

Кузатувчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари конституцияга киритилган ўзгартиришлар лойиҳаси ҳақиқий демократик ўзгаришларга олиб келмаётганини танқид қилдилар. Президентнинг кенг ваколатлари дахлсизлигича қолмоқда. Хусусан, Президент барча ҳукумат ва хавфсизлик кучлари мансабдор шахсларини тайинлаш учун масъул бўлиб қолмоқда, прокуратура ва судлар эса аслида Президентга бўйсунади. Ўзгартиришлар лойиҳасида президент Мирзиёевнинг 2040 йилгача ҳокимиятда қолиш имкониятини берувчи мунозарали қоидалар ҳам бор эди. Шундай қилиб, ўзгартиришлар сайланган президентларнинг кетма-кет икки муддат ўз лавозимида қолиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда, президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтиришни таклиф қилди. Шу билан бирга, янги қоидалар кучга кирганида, аввалги муддатлар ҳисобга олинмайди, бунинг натижасида Президент Мирзиёев яна икки етти йиллик муддатга қайта сайланиши мумкин.

Бундан ташқари, ўзгартиришлар лойиҳасида Қорақалпоғистоннинг автоном мақоми ва унинг Ўзбекистон таркибидан чиқиш конституциявий ҳуқуқини бекор қилишни илгари сурган. Ушбу таклиф қилинган ўзгартиришлар ҳудудда кенг тарқалган норозиликларга сабаб бўлди (батафсилроқ «Тинч йиғилишлар» бўлимига қаранг). 2 июл куни Президент Мирзиёев ташриф буюриб, Қорақалпоғистон мухториятига оид тузатишларни қайтариб олишга ваъда берди.

Бундан ташқари, фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари таклиф этилаётган ўзгартиришлар Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқларнинг рўёбга чиқиши ва амалга оширилишини таъминлашнинг аниқ механизмларини жорий этмаётганидан норозилик билдирдилар. Ҳақиқий демократик ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзгаришлар қонун устуворлигини, эркин ва адолатли сайловларни, амалда мухолифат партиялар, мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва чинакам эркин оммавий ахборот воситалари фаолиятини таъминлашга қаратилган қадамларни талаб қилишини таъкидладилар.

Ассоциация

2021-йил март ойида қонунчилик базасини такомиллаштириш ва фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни белгилаган -“2021-2025-йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинганига қарамай, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти фаолияти соҳаси жиддий чекланганлигича қолмоқда. Ушбу ҳужжатлар фуқаролик жамияти вакиллари билан мазмунли фикр-мулоҳазаларсиз ва маслаҳатларсиз қабул қилинган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган масалаларни, жумладан, юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтишга уринаётган янги ННТлар дуч келаётган тўсиқлар, ҳисобот беришнинг ҳаддан ташқари мураккаб талаблари ва ННТлар хорижий грантлар олиш ёки тадбирларни ўтказишдан олдин хабардор қилиш ва давлат рухсатини олиш зарурати каби масалаларни ҳал этмаган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 13-июнда қабул қилинган 328-сонли қарори нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан хорижий манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар устидан давлат назоратини сезиларли даражада оширди. Қарор амалдаги амалиётни моҳиятан расмийлаштириб, инсон ҳуқуқлари фаолияти устидан давлат назоратини янада кучайтирувчи яна бир миллий ҳуқуқий механизмни ташкил этди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистлар ўртасида ўтказилган сўров шуни кўрсатадики, сўнгги беш йил ичида чет элдан молиялаштириш учун мурожаат қилган барча нодавлат нотижорат ташкилотлари бу ҳақда Адлия вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматларини хабардор қилиши шарт.

Янги қарорда айтилишича, хориждан маблағ олувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари бу ҳақда Адлия вазирлигига маълум қилиши керак, шундан сўнг Ташқи ишлар вазирлигининг хулосаси молиялаштиришни тасдиқлаши ёки тасдиқламаслиги ҳамда давлат органини миллий ҳамкор сифатида белгилаши мумкин. Бу эса давлатнинг ННТ фаолиятига бевосита аралашувидир. Молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш асослари санаб ўтилмаган, яъни қарорни Адлия вазирлиги ўз хоҳишига кўра қабул қилиши мумкин.

Бундан ташқари, ННТлар эндиликда ўз лойиҳаларини режалаштириш ва амалга оширишни назорат қилувчи, тавсиялар берадиган ва режалаштириш йўл харитасини ишлаб чиқадиган давлат томонидан тайинланган ҳамкорлар билан ҳамкорликда ишлаши талаб этилади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ҳамкор (белгиланган давлат вакили) билан ҳамкорлик меморандумига эга бўлиши талаб қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг қарори “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддаси (“Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари”) га зиддир, қайсиндаки қуйидагилар аниқ кўрсатилган “Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг алоҳида ижтимоий фойдали дастурларига давлат кўмак кўрсатиши мумкин. Давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашишига, худди шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.” Бу аввал қабул қилинган қонунларга зид келадиган ҳукумат қарорларининг яна бир мисолидир. Давлатнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига, айниқса, миллий ҳуқуқий механизмлар орқали аралашуви ННТ лойиҳалари ва фаолияти устидан давлат назоратининг ҳаддан ташқари ошишига олиб келади.

Қарорда яна Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси 55 минг АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳаларнинг “Йўл харитаси”ни тасдиқлаши лозимлиги таъкидланган.

Бу тузатишлар Ўзбекистонда фуқаролик жамияти мустақиллигига янада путур етказиши ва ҳар қандай чинакам мустақил ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг мониторинг ва давлат ҳокимияти органлари билан танқидий мулоқот қилиш каби муҳим вазифаларни бажаришига тўсқинлик қилиши мумкин.

Қолаверса, амалдорларни очиқ танқид қиладиган, инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида жамоатчиликни хабардор қиладиган фаоллар ва шахслар кўпинча давлат ҳамкорлиги дастурларидан четлаштирилади. Масалан, Татяна Довлатова, Клара Сакарова, Азиз Юсупов ва Аъзам Турғунов каби қамоқхоналарга мунтазам ташриф буюрадиган мустақил фаолларга Омбудсман идораси томонидан жазони ижро этиш муассасаларига фуқаролик жамияти гуруҳларининг бошқа аъзолари билан бирга ташриф буюришга қатнашишларига рухсат берилмади.

Бундан ташқари, янги ННТларни рўйхатдан ўтказиш жараёни, айниқса, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчилар учун қийин бўлиб қолмоқда. Бир неча мустақил нодавлат нотижорат ташкилотлари сиёсий деб кўринган сабабларга кўра рўйхатдан ўтишдан бир неча бор рад этилган.

Масалан, ҳуқуқ ҳимоячиси, собиқ сиёсий маҳбус Аъзам Турғунов ўзининг “Инсон ҳуқуқлари уйи” (Human Rights House) нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга уринишлари муваффақиятсиз тугади. 2019-йилдан буён у аризадаги кичик техник хатолар сабаб Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказиш учун ўнта рад жавоби олган. Аммо Турғунов ва унинг адвокати Адлия вазирлиги вакиллари билан учрашувлар чоғида берилган маслаҳатлар ва ёзма процессуал кўрсатмаларга мувофиқ зарур ҳужжатларни тайёрлаганликларини таъкидламоқдалар. Европа Иттифоқи вакиллари 2021-йил июн ойида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик мулоқот чоғида рўйхатдан ўтишда нодавлат нотижорат ташкилотлари дуч келаётган тўсиқлардан жиддий хавотир билдирганидан кейин ҳам вазият яхшилангани йўқ.

Президент фармони асосида 2022-йил март ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қошида “Инсон ҳуқуқлари уйи” ахборот маркази ташкил этилди. Шу тариқа, бу давлат ташкилотига Аъзам Турғунов рўйхатдан ўтказмоқчи бўлган ННТ билан бир хил ном берилди – бу воқеа инсон ҳуқуқлари ҳамжамияти томонидан хавотир билан баҳоланди. Давлат томонидан бошқарилган Инсон ҳуқуқлари уйига Инсон ҳуқуқлари бўйича илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш ва маърифий ва бошқа маълумотларни ўзбек тилида нашр этиш вазифаси юклатилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Николай Қунгуров 2021-йил октабр ойида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органининг ҳукумат томонидан унинг нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга рухсат бермаганлиги юзасидан чиқарган қарорига нисбатан процессуал ҳаракатсизлик важлари бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов устидан суд шикоятини қўзғатган. Қунгуров 2003 йилнинг июн ойидан бери “Демократия ва ҳуқуқ” нодавлат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга уриниб келади. Миллий ҳимоя воситалари тугагач, 2006 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига шикоят юборилган. 2011-йил сентабрида Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ўз хулосасини эълон қилиб, Ўзбекистон ҳукумати “Демократия ва қонун”ни рўйхатга олишдан бош тортгани Қунгуровнинг бирлашиш ва сўз эркинлиги ҳуқуқларини бузилганлиги, деган хулосага келди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органи хулосаларини кўриб чиқиш мақсадида Олий судга тақдим этиш учун жавобгар бўлади. Қунгуровнинг сўзларига кўра, Миллий марказ директорининг ҳаракатсизлиги бу иш бажарилмаганидан далолат беради. Бироқ воқеа ривожининг ижобий томони шундаки, 2022-йил сентабрида Қўнғуровнинг “Демократия ва ҳуқуқ”ни рўйхатга олиш ҳақидаги аризаси ниҳоят маъқулланди.

2022-йилнинг 27-сентабр куни мустақил журналист, собиқ сиёсий маҳкум Азиз Юсупов Варшавада ЕХҲТ раислиги томонидан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кўмагида ташкил этилган “Инсон ўлчови” конференциясида иштирок этиши арафасида Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида ҳибсга олинган. Унинг ҳибсга олиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ушбу йирик тадбирда иштирок этишига тўсқинлик қилиш мақсадида қилинган кўринади.

Юсупов “Инсон ўлчови”  конференциясига бориш учун Полша визасига мурожаат қилганидан кейин 2022-йилнинг 25-сентабр куни Ўзбекистон шарқидаги Фарғона ички ишлар бўлимига чақирилиб ҳибсга олинган эди. Юсупов 23 сентябр куни Полша элчихонасига ДИИҲБ томонидан берилган таклифнома асосида виза олиш учун ариза топширган. Ҳибсга олинганидан икки кун ўтиб, Жиноят ишлари бўйича Фарғона суди унга нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмида назарда тутилган беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлган гиёҳвандлик воситаларини сақлаш айблови билан уч ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллади.

Юсупов унга қўйилган айбловларни рад этмоқда ва кўплаб инсон ҳуқуқлари кузатувчилари бу айбловлар уни инсон ҳуқуқлари билан шуғуллангани учун жазолаш мақсадида уйдирилган деб ҳисоблашади, чунки айбловлар унга нисбатан илгари қўйилган сиёсий мотивли айбловларга ўхшашдир. 2016-йилда Юсупов ҳибсга олиниб, гўёки гиёҳванд моддалар сақлаганликда айбланган ва ноҳақ саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бу ишни ҳукумат унинг укаси, Озод Европа/Озодлик радиосида ишлайдиган, Ўзбекистонда бир неча бор ҳокимиятга қарши гапирган мустақил журналист Фаррух Юсупов (Юсуфий) га босим ўтказиш учун қўзғатган деб таҳмин қилинади. Юсупов ҳибсда қийноққа солинган ва унга қарши ягона далил унинг айбига иқрор бўлган ёзма баёноти бўлиб, қайсингаки у босим остида имзо чеккан. У инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан сиёсий маҳбус сифатида тан олинган. Халқаро босимдан сўнг у соғлиғи ёмонлашгани сабабли 2019-йил феврал ойи бошида қамоқдан шартли равишда озод қилинди. У озодликка чиққандан кейин бир неча тиббий даволаниш муалажаларини ўтказишга тўғри келди. Сўнгги пайтларда Юсупов Ўзбекистондаги маҳбуслар аҳволини кузатиш билан шуғулланиб келмоқда.

Тинч йиғилишлар

Норозилик намойишлари учун чекланган муҳит

Ўзбекистонда жамоат йиғилишлари кам учрайди, чунки намойишчилар учун жазо ва хавф юқори. Бироқ, намойишчиларни ҳибсга олиш ва жаримага тортиш хавфига қарамай, вақти-вақти билан норозилик намойишлари содир бўлади, масалан, суд қарорлари ёки давлат органларининг ноҳақ ва адолатсиз деб ҳисобланган бошқа ҳаракатларига, асосий эҳтиёжлар етишмаслигига жавобан ёки давлат буюртмаси билан уйларни бузишга қарши чиқишлар.

Қуйидагилар ҳисобот даврида тинч йиғилишлар ўтказиш эркинлиги ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бир қанча ҳолатлардир:

2021-йилнинг 27-декабр куни Ўзбекистон шарқидаги Тошкент вилоятининг Бўка туманида 50 га яқин фермер давлат томонидан молиявий ёрдам кўрсатилмаётганига қарши тинч намойишга чиқдилар. Туман қишлоқ хўжалиги бошлиғининг ўринбосари уни ўтказишга рухсат бермагани учун норозилик акцияси мутасаддиларнинг олдиндан зарурий рухсатисиз ўтказилган. Бироқ норозилик расмийларнинг аралашувисиз ўтди.

2022-йил 1-март куни Ленур Исаев Россиянинг Украинадаги ҳарбий тажовузига норозилик сифатида Тошкентдаги Россия элчихонаси ёнида пикет ўтказишни режалаштирган эди. У “Россияни Аллоҳ жазосини берсин – Россия тажовузини тўхтатсин”, “Ўзбекистон ва Қрим турк ерлари” каби шиорлар ёзилган плакатлар тайёрлади. У ўз режалари ҳақида расмийларга маълум қилди, аммо охир-оқибат норозилик муваффақиятсизликка учради. 2022-йил 2-март куни Исаев Чирчиқ ИИБ бошлиғининг буйруғи билан бир неча соат давомида Тошкент вилояти руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилган эди. Хабар қилинишича, бу буйруқлар унинг элчихона олдидаги норозилик намойиши ва тайёрлаган плакатлари туфайли чиқарилган. Шундан сўнг, Исаев ўзининг тинч йиғилишлар ва сўз эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда руҳий жиҳатдан соғлом эканлигини исботлаш учун ҳуқуқий кураш олиб борган. Бироқ, у ўзини ҳимоя қилишга розилик берадиган ҳимоячи топа олмади.

2022-йил 9-май куни фаоллар Анвар Назир ва Маазам Ибрагимовалар Тошкент чеккасида Украинадаги уруш қурбонлари болаларни Хотира кунини ўтказдилар. Уларни бошқа фаоллар ва Ўзбекистонда яшовчи украиналиклар қўллаб-қувватлади. 2022-йилнинг 15-март куни Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ходимлари Анвар Назирни қўлга олиб, бир неча соат ушлаб туришган ва кейин қўйиб юборишган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабар беришича, ушбу мақола ёзилаётган пайтда Назирга нисбатан босим давом этмоқда, бироқ воқеадан кейин Ибрагимовага нисбатан ҳеч қандай тазйиқ қайд этилмаган.

Қорақалпоғистонда оммавий норозилик намойишлари

Ўзбекистонда узоқ вақтдан бери оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмайди, бу эса мамлакатда тинч йиғилишлар ва сўз эркинликларини амалга ошириш учун чекланган муҳитни акс эттиради.

Бироқ Президент томонидан Қорақалпоғистоннинг автоном мақомига дахлдор бўлган конституцияга таклиф этилаётган ўзгартиришлар эълон қилинганидан сўнг (юқорига қаранг) 2022-йил 20-июн куни Қорақалпоғистонда оммавий норозилик намойишлари бошланди. 2022-йилнинг 1-2-июл кунлари Нукус ва ғарбий ҳудуднинг бошқа шаҳарларида минглаб одамлар тўпланиб, таклиф этилаётган ўзгартиришлардан норозилигини тинч йўл билан изҳор қилишди. Хабар қилинишича, 2022-йил 1-июл оқшомида расмийлар намойишчиларни сув пуркагич, резина ўқлар, шовқинли гранаталар ва тутунли бомбалардан фойдаланган ҳолда тарқатиб юборишган. Тарқатиш чоғида хавфсизлик кучлари бир неча кишини ўлдиргани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар ҳам бор эди. 2 июл куни ҳукумат яна Нукусда норозилик намойишига чиққан одамларни тарқатиб юборди. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Нукусдаги норозилик намойишлари акс этган видеоларда асфалтда ётган кўплаб одамлар ўлган ёки оғир яраланганга ўхшайди.

Шу куни расмийлар Нукусда “ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш” бўлганини эълон қилишди. Нукусга учиб келган ва вилоят парламентида нутқ сўзлаган Президент Мирзиёев маҳаллий аҳолининг фикрини инобатга олишга ваъда берди ва Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистондан ажралиб чиқиш ҳуқуқини тасдиқлади. Бироқ эртаси куни у сепаратизм ва тартибсизликларга чақирувларга тоқат қилинмаслиги ҳақида огоҳлантириб, айбдорлар жазоланишини айтди. У Қорақалпоғистонда 2022-йил 2-августга қадар фавқулодда ҳолат жорий этди, бу эса ҳукуматга комендантлик соати ва Қорақалпоғистонга кириш ва чиқишни чеклаш каби бошқа чекловлар жорий этишга имкон берди. 2022-йил 4-июл куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган Бош прокуратура ва Миллий гвардиянинг қўшма брифингида намойишлар оқибатида 18 киши ҳалок бўлгани, 243 киши жароҳатлангани маълум қилинган эди, шу жумладан, 38 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари. Мақолани ёзиш пайтида расмийлар ҳалок бўлганларнинг исмларини ошкор қилмаган. Нодавлат манбаларга кўра, 1 ва 2 июлдаги намойишларни тарқатиш пайтида ҳалок бўлганлар орасида намойишчилар Собир Бакиров, Байрам Калимбетов, Азамат Қурбонов, Муратбек Пирназаров ва Султон Есемуратовлар ҳам бор.

Расмий маълумотларга кўра, 2022-йил 4-июл ҳолатига кўра, намойишлар билан боғлиқ 516 киши ҳибсга олинган. Миллий гвардия матбуот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаровнинг сўзларига кўра, қўлга олинганлар устидан “текширув ишлари олиб борилган, уларнинг аксарияти маъмурий жазога тортилган ва улар ҳибсдан озод қилинган”. Ўша брифингда у Қорақалпоғистон аҳолисини фавқулодда ҳолат режимига ҳурмат билан қарашга, “сабабсиз” кўчага чиқмасликка ҳамда турли нодавлат манбалар тарқатаётган маълумотларга ишонмасликка чақирди.

2022-йил 31-августда 34 нафар намойишчи уй қамоғида қолаётгани ва 14 нафар маҳбусга нисбатан 159-модда (“Конституциявий тузумга тажовуз”) бўйича айблов эълон қилингани хабар қилинган, жумладан, таниқли ҳуқуқшунос ва журналист Даулетмурат Тажимуратов, таниқли спортчи, Ўзбекистон самбо ассоциациясининг минтақавий вице-президенти Азамат Турдановларга. Қорақалпоғистоннинг машҳур makan.uz ахборот сайти (пастга қаранг) журналисти ва муҳаррири Лолагул Каллихонова ҳам жамоат хавфсизлигига тажовуз қилишда айбланиб, гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. 2022-йил 5-август куни интернетда пайдо бўлган ҳибсга олинганлар рўйхатида 331 кишининг исм-шарифлари кўрсатилган бўлса-да, ҳозиргача ҳибсга олинганлар ҳақида расмий маъумотлар йўқ. Оммавий норозиликларни бостиргандан сўнг, расмийлар намойишларда бош рол ўйнаганликда гумон қилинган одамларни таъқиб қилиш ва ҳибсга олишда давом этган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳибсга олинганларнинг баъзилари судсиз ўлдирилган ва расмийлар жиноят изларини яшириш учун ўлдирилгани айтилганларнинг уйларидан жасадларни олиб чиқиб кетишган. 4 июл куни Нукус шимолидаги Чимбой шаҳрида хавфсизлик кучлари олти кишини отиб ташлагани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган эди. Қорақалпоғистондан нодавлат манбалар 2022-йил 6-июл куни камида 64 киши бедарак йўқолганлиги ва уларнинг қаердалиги номаълумлиги ҳақида хабар берди. Сўз юритилаётган шахсларнинг аксарияти Нукус, Хўжайли ва Чимбой шаҳарларидан келган.

Бошқа хабарларда айтилишича, 2022-йилнинг 2-июлида ҳукумат ўнлаб одамларни намойишларга қўшилмаслиги учун турли шаҳарлардан Нукусга кетаётганида ҳибсга олган.

2022-йил 8-июл куни Бош прокуратура Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликлар бўйича 159-модда 4-қисми (“Конституциявий тузумга тажовуз қилиш”) бўйича тергов очилгани ва 14 нафар шахс тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгани ҳақида оммавий баёнот берди.

Жамоат йиғинлари тўғрисидаги қонун

Мақолани ёзиш вақтида “Жамоат йиғинлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳақида маълумот йўқ. Муаллифи ИИВ бўлган мазкур қонун лойиҳаси 2020-йил 2-сентябрда тугайдиган жамоатчилик муҳокамаси учун 2020-йил 18-августда ҳукумат порталида эълон қилинган. Расмий ҳукумат порталига кўра, 191 та таклиф келиб тушган. Энг сўнгги омма эътиборига ҳавола этилган лойиҳада қонун “фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилларига асосланади” ва “агар халқаро шартномада Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади” дейилади. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари қонун лойиҳаси тинч йиғилишлар эркинлиги ҳуқуқи бўйича халқаро стандартларга тўғри келмаслигидан хавотирда. Улар митинг, йиғилиш ёки намойиш ўтказиш учун рухсат олиш мақсадида мўлжалланган тадбирдан камида 30 иш куни олдин ариза бериш талаби каби айрим қоидаларни айниқса муаммоли деб ҳисоблайди. (8-модданинг 2-банди). Бундан ташқари, йиғилишлар фақат ҳокимият томонидан белгиланган жойларда (10-модда) ва фақат иш кунларида соат 10.00 дан 17.00 гача (11-модда) ўтказилиши мумкин. Лойиҳа охирги марта 2020-йил 2-сентябрда кўриб чиқилган. Ўшандан бери унинг қабул қилиниши ҳақида бошқа маълумотлар йўқ.

Сўз эркинлиги

Ўзбекистонда сўз эркинлиги муҳити репрессив бўлиб қолмоқда, чунки расмийлар чекловчи қонунларни қўллайдилар, оммавий ахборот воситалари устидан қаттиқ назорат ўрнатадилар, очиқ гапирган журналист ва блоггерларни таъқиб қиладилар ва интернетга киришни чеклайдилар. Сўнгги икки йил ичида AHRCA мамлакатдаги вазиятни мониторинг қилишда сўз эркинлигининг 200 дан ортиқ бузилиши ҳолатларини ҳужжатлаштирган. “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders (RSF)) ташкилоти томонидан эълон қилинган 2022 йилги Жаҳон матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон 180 давлат орасидан 133-ўринни эгаллади. Ўтган йилги рейтингда мамлакат 180 тадан 157-ўринни эгаллаган.

Ноаниқ тузилган қонун сўз эркинлигига таҳдид солмоқда

Аввалроқ CIVCUS Monitor да хабар қилинганидек, 2021-йил март ойида қабул қилинган “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, онлайн-ресурслар эгалари ушбу ресурслардан “билмай туриб ёлғон” маълумотлар, “туҳмат” маълумотлар ёки ноаниқ сўзлар орқали йўл қўйилмайдиган деб белгиланган бошқа маълумотларни тарқатиш учун фойдаланилмаслигини таъминлаши шарт. Бундай маълумотларни ўз вақтида олиб ташламаслик, кўриб чиқилаётган онлайн ресурсларга киришни чеклашига олиб келиши мумкин. Шу жумладан интернет орқали “ёлғон” маълумотни тарқатиш, туҳмат ва ҳақорат ҳам жиноий жавобгарликга тортилиши мумкин бўлган харакат ҳисобланади. Туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаса-да, Президентни ҳақорат қилиш жинояти беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, COVID-19 ва бошқа юқумли касалликлар ҳақида “ёлғон” маълумот тарқатиш эса уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Интернет ресурсларига киришни чеклаш

Веб-сайтларни блокировка қилиш амалиёти давом этмоқда. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) раҳбарлигида 2021-йил октабр ойида бўлиб ўтган Президент сайловини кузатган халқаро сайловни кузатиш миссияси, маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари, хизматлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг президентлик сайлови кампанияси давомида кириш имкони бўлмаган 60 дан ортиқ веб-сайтларини аниқлади.

2021-йил ноябр ойи бошида Телекоммуникациялар соҳасини назорат қилувчи

Countries

Uzbekistan: the latest news

More news
Ўзбекистон: Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари зўравонликка айлангани, блоггерлар ва фаоллар таъқиб қилингани – фуқаролар эркинликлари қаттиқ чекланганлигича қолаётганидан далолат беради

Ўзбекистон: Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари зўравонликка айлангани, блоггерлар ва фаоллар таъқиб қилингани – фуқаролар эркинликлари қаттиқ чекланганлигича қолаётганидан далолат беради

Subscribe to our updates

Please select the topic(s) on which you wish tor receive news/updates from us
Type of information you wish to receive
Copied!