Quick search
Advanced search
Reset all
All news

Ўзбекистон: Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари зўравонликка айлангани, блоггерлар ва фаоллар таъқиб қилингани – фуқаролар эркинликлари қаттиқ чекланганлигича қолаётганидан далолат беради

Full text is also available in
enru
uz
Ўзбекистон: Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари зўравонликка айлангани, блоггерлар ва фаоллар таъқиб қилингани – фуқаролар эркинликлари қаттиқ чекланганлигича қолаётганидан далолат беради
Photo by Matthew Goulding / CC BY 2.0
Ўзбекистон: Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари зўравонликка айлангани, блоггерлар ва фаоллар таъқиб қилингани – фуқаролар эркинликлари қаттиқ чекланганлигича қолаётганидан далолат беради
Photo by Matthew Goulding / CC BY 2.0
In partnership with:
CIVICUS

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ва Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA) томонидан CIVICUS Monitor учун тайёрланган ушбу энг сўнги хабарнома Ўзбекистонда 2021-йил 1-ноябрдан 2022-йил 30-сентабргача бўлган даврда сўз, уюшмалар ва тинч йиғилишлар эркинлигига таъсир кўрсатадиган асосий ўзгаришлар ҳақида умумий маълумот беради.


This update is also available in English.


Президент Шавкат Мирзиёев 2022-йил 20-июн куни Конституцияга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш лойиҳасини баён қилиб, ушбу ўзгартиришлар бўйича умумхалқ референдуми ўтказишни таклиф қилган эди. Кузатувчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари таклиф этилаётган ўзгартиришлар Президентнинг ваколат доирасини чекламаслиги ва Президент Мирзиёевга яна икки етти йиллик муддат – 2040 йилгача ҳокимият тепасида қолиш имконини беришидан хавотир билдиришди.

Таклиф этилаётган ўзгартиришлар Ўзбекистон таркибидаги Қорақалпоғистон мамлакатида норозиликка сабаб бўлди, чунки улар ушбу регионни автоном мақомини ва унинг Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиш конституциявий ҳуқуқини бекор қиладиган ўзгартиришларни ўз ичига олган эди. Қорақалпоғистонлик блогерлар, журналистлар ва фаоллар таклиф қилинаётган ўзгартиришларни танқид қила бошлаганларида, аҳолининг норозилиги кучайиб, Нукус ва Қорақалпоғистоннинг бошқа шаҳарларида одамлар норозилик намойишига тўпланишди. Ҳукумат  ҳаддан ташқари куч ишлатиб намойишни тарқатиб юборганлиги хабар қилинмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, улардан 17 нафари фуқаро ва тўрт нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари. Бироқ оммавий ахборот воситаларида 2022-йилнинг 2-июл куни кечки пайтга қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида камида 77 жасад борлиги айтилган. Бошқа тиббиёт муассасаларидаги вазият ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Гувоҳларнинг айтишича, камида 20 киши ҳалок бўлган. Расмийлар намойишларда бошчилик қилган деб гумон қилинган журналистлар, блогерлар ва фаолларни ҳибсга олган.

Ўзбекистонда уюшмалар, тинч йиғилишлар ва сўз эркинликларини амалга ошириш учун майдон ўта чекланганлигича қолмоқда: журналистлар ва блогерларни таъқиб қилиш ва қўрқитиш, шунингдек, шу жумладан, мамлакатда фаолият юрита оладиган кам сонли мустақил оммавий ахборот воситаларига ҳукумат томонидан босимлар давом этмоқда. Ҳукуматни танқид қилувчи блогерлар алоҳида хавф остида.

“2021-2025-йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг қабул қилиниши каби давлат органлари томонидан фуқаролик жамияти маконини ривожлантириш бўйича бир қатор ижобий кўринган қадамларга қарамай, бу каби қонунчилик ташаббуслари шаффоф эмаслигидан хавотирлар мавжуд ва амалда фуқаролик жамияти ташкилотлари жиддий муаммоларга дуч келишда давом этмоқда – айниқса, мажбурий давлат рўйхатидан ўтиш ҳақида гап кетганда. 2022-йил июн ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган янги меъёрлар хорижий донорлар томонидан молиялаштирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан мажбурий давлат назоратини ўрнатишни назарда тутади ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг мамлакатда фаолият юритиш имкониятларини янада чеклаш билан таҳдид қилади.

“Ёлғон маълумот” тарқатганлик учун номутаносиб жазоларни назарда тутувчи ҳаддан ташқари кенг ва ноаниқ қонунчиликнинг амалга оширилиши ва Жиноят кодексининг туҳмат бўйича қоидаларидан фойдаланишда давом этиши ҳам он-лайн, ҳам офлайн режимда сўз эркинлигини чеклашга олиб келади. Бундай ҳаддан ташқари кенг ва ноаниқ қонунчилик расмийларга сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи халқаро стандартларни бузган ҳолда веб-сайтларни блоклаш имконини беради – қайсики мунтазам равишда содир бўладиган амалиётдир.

Конституциявий ўзгартиришлар

2022-йил май ойида Конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия тузилиб, унга парламент Сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов комиссия раҳбари этиб тайинланди. Қолган аъзолар депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча вилоятлари вакиллари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа экспертлар – жами 46 нафардан иборат.

Кейинги ойда Комиссия Конституциянинг 64 моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритишни таклиф этувчи қонун лойиҳасини илгари сурди. Президент Мирзиёев таклиф этилаётган ўзгартиришларнинг тўртта асосий устувор йўналишини белгилаб берди, улардан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларига тегишли. Президент яқин вақт ичида таклиф этилаётган ўзгартиришлар бўйича умумхалқ референдумини ўтказишни таклиф қилди. Президентнинг сўзларига кўра, фуқаролар томонидан конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича 48,5 мингдан ортиқ таклифлар онлайн тарзда келиб тушган. Эндиликда қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисига биринчи ўқишга киритилишидан олдин рўйхатдан ўтган беш партия томонидан муҳокама қилиниши керак.

Кузатувчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари конституцияга киритилган ўзгартиришлар лойиҳаси ҳақиқий демократик ўзгаришларга олиб келмаётганини танқид қилдилар. Президентнинг кенг ваколатлари дахлсизлигича қолмоқда. Хусусан, Президент барча ҳукумат ва хавфсизлик кучлари мансабдор шахсларини тайинлаш учун масъул бўлиб қолмоқда, прокуратура ва судлар эса аслида Президентга бўйсунади. Ўзгартиришлар лойиҳасида президент Мирзиёевнинг 2040 йилгача ҳокимиятда қолиш имкониятини берувчи мунозарали қоидалар ҳам бор эди. Шундай қилиб, ўзгартиришлар сайланган президентларнинг кетма-кет икки муддат ўз лавозимида қолиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда, президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтиришни таклиф қилди. Шу билан бирга, янги қоидалар кучга кирганида, аввалги муддатлар ҳисобга олинмайди, бунинг натижасида Президент Мирзиёев яна икки етти йиллик муддатга қайта сайланиши мумкин.

Бундан ташқари, ўзгартиришлар лойиҳасида Қорақалпоғистоннинг автоном мақоми ва унинг Ўзбекистон таркибидан чиқиш конституциявий ҳуқуқини бекор қилишни илгари сурган. Ушбу таклиф қилинган ўзгартиришлар ҳудудда кенг тарқалган норозиликларга сабаб бўлди (батафсилроқ “Тинч йиғилишлар” бўлимига қаранг). 2 июл куни Президент Мирзиёев ташриф буюриб, Қорақалпоғистон мухториятига оид тузатишларни қайтариб олишга ваъда берди.

Бундан ташқари, фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари таклиф этилаётган ўзгартиришлар Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқларнинг рўёбга чиқиши ва амалга оширилишини таъминлашнинг аниқ механизмларини жорий этмаётганидан норозилик билдирдилар. Ҳақиқий демократик ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзгаришлар қонун устуворлигини, эркин ва адолатли сайловларни, амалда мухолифат партиялар, мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва чинакам эркин оммавий ахборот воситалари фаолиятини таъминлашга қаратилган қадамларни талаб қилишини таъкидладилар.

Ассоциация

2021-йил март ойида қонунчилик базасини такомиллаштириш ва фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни белгилаган -“2021-2025-йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинганига қарамай, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти фаолияти соҳаси жиддий чекланганлигича қолмоқда. Ушбу ҳужжатлар фуқаролик жамияти вакиллари билан мазмунли фикр-мулоҳазаларсиз ва маслаҳатларсиз қабул қилинган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган масалаларни, жумладан, юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтишга уринаётган янги ННТлар дуч келаётган тўсиқлар, ҳисобот беришнинг ҳаддан ташқари мураккаб талаблари ва ННТлар хорижий грантлар олиш ёки тадбирларни ўтказишдан олдин хабардор қилиш ва давлат рухсатини олиш зарурати каби масалаларни ҳал этмаган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 13-июнда қабул қилинган 328-сонли қарори нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан хорижий манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар устидан давлат назоратини сезиларли даражада оширди. Қарор амалдаги амалиётни моҳиятан расмийлаштириб, инсон ҳуқуқлари фаолияти устидан давлат назоратини янада кучайтирувчи яна бир миллий ҳуқуқий механизмни ташкил этди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистлар ўртасида ўтказилган сўров шуни кўрсатадики, сўнгги беш йил ичида чет элдан молиялаштириш учун мурожаат қилган барча нодавлат нотижорат ташкилотлари бу ҳақда Адлия вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматларини хабардор қилиши шарт.

Янги қарорда айтилишича, хориждан маблағ олувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари бу ҳақда Адлия вазирлигига маълум қилиши керак, шундан сўнг Ташқи ишлар вазирлигининг хулосаси молиялаштиришни тасдиқлаши ёки тасдиқламаслиги ҳамда давлат органини миллий ҳамкор сифатида белгилаши мумкин. Бу эса давлатнинг ННТ фаолиятига бевосита аралашувидир. Молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш асослари санаб ўтилмаган, яъни қарорни Адлия вазирлиги ўз хоҳишига кўра қабул қилиши мумкин.

Бундан ташқари, ННТлар эндиликда ўз лойиҳаларини режалаштириш ва амалга оширишни назорат қилувчи, тавсиялар берадиган ва режалаштириш йўл харитасини ишлаб чиқадиган давлат томонидан тайинланган ҳамкорлар билан ҳамкорликда ишлаши талаб этилади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ҳамкор (белгиланган давлат вакили) билан ҳамкорлик меморандумига эга бўлиши талаб қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг қарори “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддаси (“Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари”) га зиддир, қайсиндаки қуйидагилар аниқ кўрсатилган “Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг алоҳида ижтимоий фойдали дастурларига давлат кўмак кўрсатиши мумкин. Давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашишига, худди шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.” Бу аввал қабул қилинган қонунларга зид келадиган ҳукумат қарорларининг яна бир мисолидир. Давлатнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига, айниқса, миллий ҳуқуқий механизмлар орқали аралашуви ННТ лойиҳалари ва фаолияти устидан давлат назоратининг ҳаддан ташқари ошишига олиб келади.

Қарорда яна Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси 55 минг АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳаларнинг “Йўл харитаси”ни тасдиқлаши лозимлиги таъкидланган.

Бу тузатишлар Ўзбекистонда фуқаролик жамияти мустақиллигига янада путур етказиши ва ҳар қандай чинакам мустақил ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг мониторинг ва давлат ҳокимияти органлари билан танқидий мулоқот қилиш каби муҳим вазифаларни бажаришига тўсқинлик қилиши мумкин.

Қолаверса, амалдорларни очиқ танқид қиладиган, инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида жамоатчиликни хабардор қиладиган фаоллар ва шахслар кўпинча давлат ҳамкорлиги дастурларидан четлаштирилади. Масалан, Татяна Довлатова, Клара Сакарова, Азиз Юсупов ва Аъзам Турғунов каби қамоқхоналарга мунтазам ташриф буюрадиган мустақил фаолларга Омбудсман идораси томонидан жазони ижро этиш муассасаларига фуқаролик жамияти гуруҳларининг бошқа аъзолари билан бирга ташриф буюришга қатнашишларига рухсат берилмади.

Бундан ташқари, янги ННТларни рўйхатдан ўтказиш жараёни, айниқса, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчилар учун қийин бўлиб қолмоқда. Бир неча мустақил нодавлат нотижорат ташкилотлари сиёсий деб кўринган сабабларга кўра рўйхатдан ўтишдан бир неча бор рад этилган.

Масалан, ҳуқуқ ҳимоячиси, собиқ сиёсий маҳбус Аъзам Турғунов ўзининг “Инсон ҳуқуқлари уйи” (Human Rights House) нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга уринишлари муваффақиятсиз тугади. 2019-йилдан буён у аризадаги кичик техник хатолар сабаб Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказиш учун ўнта рад жавоби олган. Аммо Турғунов ва унинг адвокати Адлия вазирлиги вакиллари билан учрашувлар чоғида берилган маслаҳатлар ва ёзма процессуал кўрсатмаларга мувофиқ зарур ҳужжатларни тайёрлаганликларини таъкидламоқдалар. Европа Иттифоқи вакиллари 2021-йил июн ойида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик мулоқот чоғида рўйхатдан ўтишда нодавлат нотижорат ташкилотлари дуч келаётган тўсиқлардан жиддий хавотир билдирганидан кейин ҳам вазият яхшилангани йўқ.

Президент фармони асосида 2022-йил март ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қошида “Инсон ҳуқуқлари уйи” ахборот маркази ташкил этилди. Шу тариқа, бу давлат ташкилотига Аъзам Турғунов рўйхатдан ўтказмоқчи бўлган ННТ билан бир хил ном берилди – бу воқеа инсон ҳуқуқлари ҳамжамияти томонидан хавотир билан баҳоланди. Давлат томонидан бошқарилган Инсон ҳуқуқлари уйига Инсон ҳуқуқлари бўйича илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш ва маърифий ва бошқа маълумотларни ўзбек тилида нашр этиш вазифаси юклатилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Николай Қунгуров 2021-йил октабр ойида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органининг ҳукумат томонидан унинг нодавлат нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга рухсат бермаганлиги юзасидан чиқарган қарорига нисбатан процессуал ҳаракатсизлик важлари бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов устидан суд шикоятини қўзғатган. Қунгуров 2003 йилнинг июн ойидан бери “Демократия ва ҳуқуқ” нодавлат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга уриниб келади. Миллий ҳимоя воситалари тугагач, 2006 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига шикоят юборилган. 2011-йил сентабрида Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ўз хулосасини эълон қилиб, Ўзбекистон ҳукумати “Демократия ва қонун”ни рўйхатга олишдан бош тортгани Қунгуровнинг бирлашиш ва сўз эркинлиги ҳуқуқларини бузилганлиги, деган хулосага келди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органи хулосаларини кўриб чиқиш мақсадида Олий судга тақдим этиш учун жавобгар бўлади. Қунгуровнинг сўзларига кўра, Миллий марказ директорининг ҳаракатсизлиги бу иш бажарилмаганидан далолат беради. Бироқ воқеа ривожининг ижобий томони шундаки, 2022-йил сентабрида Қўнғуровнинг “Демократия ва ҳуқуқ”ни рўйхатга олиш ҳақидаги аризаси ниҳоят маъқулланди.

2022-йилнинг 27-сентабр куни мустақил журналист, собиқ сиёсий маҳкум Азиз Юсупов Варшавада ЕХҲТ раислиги томонидан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кўмагида ташкил этилган “Инсон ўлчови” конференциясида иштирок этиши арафасида Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида ҳибсга олинган. Унинг ҳибсга олиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ушбу йирик тадбирда иштирок этишига тўсқинлик қилиш мақсадида қилинган кўринади.

Юсупов “Инсон ўлчови”  конференциясига бориш учун Полша визасига мурожаат қилганидан кейин 2022-йилнинг 25-сентабр куни Ўзбекистон шарқидаги Фарғона ички ишлар бўлимига чақирилиб ҳибсга олинган эди. Юсупов 23 сентябр куни Полша элчихонасига ДИИҲБ томонидан берилган таклифнома асосида виза олиш учун ариза топширган. Ҳибсга олинганидан икки кун ўтиб, Жиноят ишлари бўйича Фарғона суди унга нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмида назарда тутилган беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлган гиёҳвандлик воситаларини сақлаш айблови билан уч ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллади.

Юсупов унга қўйилган айбловларни рад этмоқда ва кўплаб инсон ҳуқуқлари кузатувчилари бу айбловлар уни инсон ҳуқуқлари билан шуғуллангани учун жазолаш мақсадида уйдирилган деб ҳисоблашади, чунки айбловлар унга нисбатан илгари қўйилган сиёсий мотивли айбловларга ўхшашдир. 2016-йилда Юсупов ҳибсга олиниб, гўёки гиёҳванд моддалар сақлаганликда айбланган ва ноҳақ саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бу ишни ҳукумат унинг укаси, Озод Европа/Озодлик радиосида ишлайдиган, Ўзбекистонда бир неча бор ҳокимиятга қарши гапирган мустақил журналист Фаррух Юсупов (Юсуфий) га босим ўтказиш учун қўзғатган деб таҳмин қилинади. Юсупов ҳибсда қийноққа солинган ва унга қарши ягона далил унинг айбига иқрор бўлган ёзма баёноти бўлиб, қайсингаки у босим остида имзо чеккан. У инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан сиёсий маҳбус сифатида тан олинган. Халқаро босимдан сўнг у соғлиғи ёмонлашгани сабабли 2019-йил феврал ойи бошида қамоқдан шартли равишда озод қилинди. У озодликка чиққандан кейин бир неча тиббий даволаниш муалажаларини ўтказишга тўғри келди. Сўнгги пайтларда Юсупов Ўзбекистондаги маҳбуслар аҳволини кузатиш билан шуғулланиб келмоқда.

Тинч йиғилишлар

Норозилик намойишлари учун чекланган муҳит

Ўзбекистонда жамоат йиғилишлари кам учрайди, чунки намойишчилар учун жазо ва хавф юқори. Бироқ, намойишчиларни ҳибсга олиш ва жаримага тортиш хавфига қарамай, вақти-вақти билан норозилик намойишлари содир бўлади, масалан, суд қарорлари ёки давлат органларининг ноҳақ ва адолатсиз деб ҳисобланган бошқа ҳаракатларига, асосий эҳтиёжлар етишмаслигига жавобан ёки давлат буюртмаси билан уйларни бузишга қарши чиқишлар.

Қуйидагилар ҳисобот даврида тинч йиғилишлар ўтказиш эркинлиги ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бир қанча ҳолатлардир:

2021-йилнинг 27-декабр куни Ўзбекистон шарқидаги Тошкент вилоятининг Бўка туманида 50 га яқин фермер давлат томонидан молиявий ёрдам кўрсатилмаётганига қарши тинч намойишга чиқдилар. Туман қишлоқ хўжалиги бошлиғининг ўринбосари уни ўтказишга рухсат бермагани учун норозилик акцияси мутасаддиларнинг олдиндан зарурий рухсатисиз ўтказилган. Бироқ норозилик расмийларнинг аралашувисиз ўтди.

2022-йил 1-март куни Ленур Исаев Россиянинг Украинадаги ҳарбий тажовузига норозилик сифатида Тошкентдаги Россия элчихонаси ёнида пикет ўтказишни режалаштирган эди. У “Россияни Аллоҳ жазосини берсин – Россия тажовузини тўхтатсин”, “Ўзбекистон ва Қрим турк ерлари” каби шиорлар ёзилган плакатлар тайёрлади. У ўз режалари ҳақида расмийларга маълум қилди, аммо охир-оқибат норозилик муваффақиятсизликка учради. 2022-йил 2-март куни Исаев Чирчиқ ИИБ бошлиғининг буйруғи билан бир неча соат давомида Тошкент вилояти руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилган эди. Хабар қилинишича, бу буйруқлар унинг элчихона олдидаги норозилик намойиши ва тайёрлаган плакатлари туфайли чиқарилган. Шундан сўнг, Исаев ўзининг тинч йиғилишлар ва сўз эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда руҳий жиҳатдан соғлом эканлигини исботлаш учун ҳуқуқий кураш олиб борган. Бироқ, у ўзини ҳимоя қилишга розилик берадиган ҳимоячи топа олмади.

2022-йил 9-май куни фаоллар Анвар Назир ва Маазам Ибрагимовалар Тошкент чеккасида Украинадаги уруш қурбонлари болаларни Хотира кунини ўтказдилар. Уларни бошқа фаоллар ва Ўзбекистонда яшовчи украиналиклар қўллаб-қувватлади. 2022-йилнинг 15-март куни Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ходимлари Анвар Назирни қўлга олиб, бир неча соат ушлаб туришган ва кейин қўйиб юборишган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабар беришича, ушбу мақола ёзилаётган пайтда Назирга нисбатан босим давом этмоқда, бироқ воқеадан кейин Ибрагимовага нисбатан ҳеч қандай тазйиқ қайд этилмаган.

Қорақалпоғистонда оммавий норозилик намойишлари

Ўзбекистонда узоқ вақтдан бери оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмайди, бу эса мамлакатда тинч йиғилишлар ва сўз эркинликларини амалга ошириш учун чекланган муҳитни акс эттиради.

Бироқ Президент томонидан Қорақалпоғистоннинг автоном мақомига дахлдор бўлган конституцияга таклиф этилаётган ўзгартиришлар эълон қилинганидан сўнг (юқорига қаранг) 2022-йил 20-июн куни Қорақалпоғистонда оммавий норозилик намойишлари бошланди. 2022-йилнинг 1-2-июл кунлари Нукус ва ғарбий ҳудуднинг бошқа шаҳарларида минглаб одамлар тўпланиб, таклиф этилаётган ўзгартиришлардан норозилигини тинч йўл билан изҳор қилишди. Хабар қилинишича, 2022-йил 1-июл оқшомида расмийлар намойишчиларни сув пуркагич, резина ўқлар, шовқинли гранаталар ва тутунли бомбалардан фойдаланган ҳолда тарқатиб юборишган. Тарқатиш чоғида хавфсизлик кучлари бир неча кишини ўлдиргани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар ҳам бор эди. 2 июл куни ҳукумат яна Нукусда норозилик намойишига чиққан одамларни тарқатиб юборди. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Нукусдаги норозилик намойишлари акс этган видеоларда асфалтда ётган кўплаб одамлар ўлган ёки оғир яраланганга ўхшайди.

Шу куни расмийлар Нукусда “ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш” бўлганини эълон қилишди. Нукусга учиб келган ва вилоят парламентида нутқ сўзлаган Президент Мирзиёев маҳаллий аҳолининг фикрини инобатга олишга ваъда берди ва Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистондан ажралиб чиқиш ҳуқуқини тасдиқлади. Бироқ эртаси куни у сепаратизм ва тартибсизликларга чақирувларга тоқат қилинмаслиги ҳақида огоҳлантириб, айбдорлар жазоланишини айтди. У Қорақалпоғистонда 2022-йил 2-августга қадар фавқулодда ҳолат жорий этди, бу эса ҳукуматга комендантлик соати ва Қорақалпоғистонга кириш ва чиқишни чеклаш каби бошқа чекловлар жорий этишга имкон берди. 2022-йил 4-июл куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган Бош прокуратура ва Миллий гвардиянинг қўшма брифингида намойишлар оқибатида 18 киши ҳалок бўлгани, 243 киши жароҳатлангани маълум қилинган эди, шу жумладан, 38 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари. Мақолани ёзиш пайтида расмийлар ҳалок бўлганларнинг исмларини ошкор қилмаган. Нодавлат манбаларга кўра, 1 ва 2 июлдаги намойишларни тарқатиш пайтида ҳалок бўлганлар орасида намойишчилар Собир Бакиров, Байрам Калимбетов, Азамат Қурбонов, Муратбек Пирназаров ва Султон Есемуратовлар ҳам бор.

Расмий маълумотларга кўра, 2022-йил 4-июл ҳолатига кўра, намойишлар билан боғлиқ 516 киши ҳибсга олинган. Миллий гвардия матбуот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаровнинг сўзларига кўра, қўлга олинганлар устидан “текширув ишлари олиб борилган, уларнинг аксарияти маъмурий жазога тортилган ва улар ҳибсдан озод қилинган”. Ўша брифингда у Қорақалпоғистон аҳолисини фавқулодда ҳолат режимига ҳурмат билан қарашга, “сабабсиз” кўчага чиқмасликка ҳамда турли нодавлат манбалар тарқатаётган маълумотларга ишонмасликка чақирди.

2022-йил 31-августда 34 нафар намойишчи уй қамоғида қолаётгани ва 14 нафар маҳбусга нисбатан 159-модда (“Конституциявий тузумга тажовуз”) бўйича айблов эълон қилингани хабар қилинган, жумладан, таниқли ҳуқуқшунос ва журналист Даулетмурат Тажимуратов, таниқли спортчи, Ўзбекистон самбо ассоциациясининг минтақавий вице-президенти Азамат Турдановларга. Қорақалпоғистоннинг машҳур makan.uz ахборот сайти (пастга қаранг) журналисти ва муҳаррири Лолагул Каллихонова ҳам жамоат хавфсизлигига тажовуз қилишда айбланиб, гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. 2022-йил 5-август куни интернетда пайдо бўлган ҳибсга олинганлар рўйхатида 331 кишининг исм-шарифлари кўрсатилган бўлса-да, ҳозиргача ҳибсга олинганлар ҳақида расмий маъумотлар йўқ. Оммавий норозиликларни бостиргандан сўнг, расмийлар намойишларда бош рол ўйнаганликда гумон қилинган одамларни таъқиб қилиш ва ҳибсга олишда давом этган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳибсга олинганларнинг баъзилари судсиз ўлдирилган ва расмийлар жиноят изларини яшириш учун ўлдирилгани айтилганларнинг уйларидан жасадларни олиб чиқиб кетишган. 4 июл куни Нукус шимолидаги Чимбой шаҳрида хавфсизлик кучлари олти кишини отиб ташлагани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган эди. Қорақалпоғистондан нодавлат манбалар 2022-йил 6-июл куни камида 64 киши бедарак йўқолганлиги ва уларнинг қаердалиги номаълумлиги ҳақида хабар берди. Сўз юритилаётган шахсларнинг аксарияти Нукус, Хўжайли ва Чимбой шаҳарларидан келган.

Бошқа хабарларда айтилишича, 2022-йилнинг 2-июлида ҳукумат ўнлаб одамларни намойишларга қўшилмаслиги учун турли шаҳарлардан Нукусга кетаётганида ҳибсга олган.

2022-йил 8-июл куни Бош прокуратура Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликлар бўйича 159-модда 4-қисми (“Конституциявий тузумга тажовуз қилиш”) бўйича тергов очилгани ва 14 нафар шахс тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгани ҳақида оммавий баёнот берди.

Жамоат йиғинлари тўғрисидаги қонун

Мақолани ёзиш вақтида “Жамоат йиғинлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳақида маълумот йўқ. Муаллифи ИИВ бўлган мазкур қонун лойиҳаси 2020-йил 2-сентябрда тугайдиган жамоатчилик муҳокамаси учун 2020-йил 18-августда ҳукумат порталида эълон қилинган. Расмий ҳукумат порталига кўра, 191 та таклиф келиб тушган. Энг сўнгги омма эътиборига ҳавола этилган лойиҳада қонун “фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилларига асосланади” ва “агар халқаро шартномада Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади” дейилади. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари қонун лойиҳаси тинч йиғилишлар эркинлиги ҳуқуқи бўйича халқаро стандартларга тўғри келмаслигидан хавотирда. Улар митинг, йиғилиш ёки намойиш ўтказиш учун рухсат олиш мақсадида мўлжалланган тадбирдан камида 30 иш куни олдин ариза бериш талаби каби айрим қоидаларни айниқса муаммоли деб ҳисоблайди. (8-модданинг 2-банди). Бундан ташқари, йиғилишлар фақат ҳокимият томонидан белгиланган жойларда (10-модда) ва фақат иш кунларида соат 10.00 дан 17.00 гача (11-модда) ўтказилиши мумкин. Лойиҳа охирги марта 2020-йил 2-сентябрда кўриб чиқилган. Ўшандан бери унинг қабул қилиниши ҳақида бошқа маълумотлар йўқ.

Сўз эркинлиги

Ўзбекистонда сўз эркинлиги муҳити репрессив бўлиб қолмоқда, чунки расмийлар чекловчи қонунларни қўллайдилар, оммавий ахборот воситалари устидан қаттиқ назорат ўрнатадилар, очиқ гапирган журналист ва блоггерларни таъқиб қиладилар ва интернетга киришни чеклайдилар. Сўнгги икки йил ичида AHRCA мамлакатдаги вазиятни мониторинг қилишда сўз эркинлигининг 200 дан ортиқ бузилиши ҳолатларини ҳужжатлаштирган. “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders (RSF)) ташкилоти томонидан эълон қилинган 2022 йилги Жаҳон матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон 180 давлат орасидан 133-ўринни эгаллади. Ўтган йилги рейтингда мамлакат 180 тадан 157-ўринни эгаллаган.

Ноаниқ тузилган қонун сўз эркинлигига таҳдид солмоқда

Аввалроқ CIVCUS Monitor да хабар қилинганидек, 2021-йил март ойида қабул қилинган “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, онлайн-ресурслар эгалари ушбу ресурслардан “билмай туриб ёлғон” маълумотлар, “туҳмат” маълумотлар ёки ноаниқ сўзлар орқали йўл қўйилмайдиган деб белгиланган бошқа маълумотларни тарқатиш учун фойдаланилмаслигини таъминлаши шарт. Бундай маълумотларни ўз вақтида олиб ташламаслик, кўриб чиқилаётган онлайн ресурсларга киришни чеклашига олиб келиши мумкин. Шу жумладан интернет орқали “ёлғон” маълумотни тарқатиш, туҳмат ва ҳақорат ҳам жиноий жавобгарликга тортилиши мумкин бўлган харакат ҳисобланади. Туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаса-да, Президентни ҳақорат қилиш жинояти беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, COVID-19 ва бошқа юқумли касалликлар ҳақида “ёлғон” маълумот тарқатиш эса уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Интернет ресурсларига киришни чеклаш

Веб-сайтларни блокировка қилиш амалиёти давом этмоқда. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) раҳбарлигида 2021-йил октабр ойида бўлиб ўтган Президент сайловини кузатган халқаро сайловни кузатиш миссияси, маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари, хизматлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг президентлик сайлови кампанияси давомида кириш имкони бўлмаган 60 дан ортиқ веб-сайтларини аниқлади.

2021-йил ноябр ойи бошида Телекоммуникациялар соҳасини назорат қилувчи давлат агентлиги Facebook, Instagram, YouTube, Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқлар ва мессенжер платформаларига фойдаланувчи маълумотларини 2021-йил январ ойида қабул қилинган қонунга асосан Ўзбекистонда жойлашган серверларда сақламасликда айблаб, киришни чеклаган эди. Бу норозиликка сабаб бўлди, натижада агентлик раҳбари ишдан бўшатилди ва платформаларга кириш тикланди. Бироқ, Twitter, TikTok ва илгари худди шу сабабларга кўра чекланган бошқа платформаларга кириш имконсизлигича қолган.

2022-йилнинг 27-июнидан бошлаб блогерлар, журналистлар ва фаоллар конституцияга таклиф қилинаётган ўзгартиришлардан норозилик билдирганидан сўнг Қорақалпоғистонда интернет хизматлари узилиб, вақти-вақти билан ишлашни бошлаган. Бу эса ўз навбатида воқеаларга оид ҳар қандай маълумотни олиш ва текширишни қийинлаштирди.

Gazeta.uz мустақил интернет нашри 2022-йил 25-июн куни таклиф этилган конституцияга киритилган ўзгартиришлар қаторига киритилган президентлик муддатларининг узайтирилишини танқид қилганидан сўнг “троллар ҳужуми”га учрагани хабар қилинган эди. Натижада ўз сайтидан иккита мақолани олиб ташлашга мажбур бўлган . 2022-йил 5-июл куни нашр сайтидан Қорақалпоғистондаги воқеаларга оид бир қанча муҳим мақолалар маълум муддатга олиб ташланди. Ушбу мақолани ёзиш пайтида қайд этилган мақолаларга кириш тикланган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, 2022-йилнинг 16-июнидан бошлаб Ўзбекистондаги саноқли мустақил интернет нашрларидан бири бўлган Asiaterra га мақсадли киберҳужумлар уюштирилди. Бу сайтнинг мамлакат ичидаги фойдаланувчилари унга кира олмаслигига олиб келди ва унинг эгаси Алексей Волосевич сайтни вақтинча ёпишга мажбур бўлди. Киберҳужумлар нашрда президентнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов билан боғлиқ коррупция иддаолари ҳақидаги хабар чоп этилганидан кўп ўтмай бошланган. Унда Uzmetronom сайти асосчиси ва журналисти Сергей Ежков томонидан чоп этилган мақола ҳақида сўз боради, қайсиндаки муаллиф Алламжоновнинг миллион долларлик заргарлик буюмлари контрабандасида иштирок этганини, ундан фойда олувчи президентнинг қизи бўлганини айтган. Asiaterra веб-сайтининг мобил иловаси ҳали ҳам тикланмаган, бу интернетга кириш учун тез-тез мобил телефонларидан фойдаланадиган нашр ўқувчиларига киришда қийинчиликлар туғдирмоқда.

Натижада, Asiaterra нинг Facebook даги саҳифасидан сайтдаги ҳақоратомуз контент ҳақида шикоятлар келиб тушгандан кейин 200 дан ортиқ постлар олиб ташланди (бу бошқа мамлакатларда кузатилган, троллар Facebook нинг шикоят қилиш механизмларини расмийлар учун ноқулай бўлган маълумотларни олиб ташлаш учун суиистеъмол қиладиган схема). Волосевич Facebook га шикоят аризасини берди, шундан сўнг нашрлар тикланди. Кўп ўтмай, Asiaterra ўқувчиларининг юзлаб танқидий фикрларини ўз ичига олган 54 та пост унинг шахсий Facebook аккаунтидан ўчириб ташланди. Бир неча кундан кейин Facebook яна юзлаб постларни сайтдан олиб ташлади, улар навбатдаги мурожаатдан кейин тикланди.

Блогерлар босим остида

Коррупция ва ҳукумат томонидан нозик деб топилган бошқа масалалар ҳақида блог юритиш Ўзбекистонда хавфли ҳисобланади. Бизнинг мониторингимиз шуни кўрсатадики, сўнгги икки йил давомида 20 дан ортиқ етакчи блогерлар давлат органлари ва мансабдор шахсларини танқид қилганлари туфайли ҳокимият томонидан босимга учраган.

Очиқ сўзловчи блоггерлар сўнгги пайтларда бир нечта ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилган.

2022-йил 21-январда Жиноят ишлари бўйича Миробод суди Миразиз Базаровни туҳматда айбдор деб топиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилди (Жиноят кодексининг 139-моддаси билан). 2022-йил 20-январда бўлиб ўтган суд жараёнида COVID-19 га салбий ПЦР тестини ўтказиш тўғрисидаги қўшимча, эълон қилинмаган талабдан кейин журналистларга суд залига киришга рухсат берилмаган. Бундан ташқари, блогернинг адвокатига кўра, видео ва аудиоёзувларга рухсат берилмаган. Фаол ва таниқли блогер сифатида Базаров бир неча бор ҳукуматни, жумладан, ҳукуматнинг COVID-19 билан боғлиқ кредитлардан фойдаланиши устидан шаффофлик ва жамоатчилик назоратининг йўқлиги ҳамда мансабдор шахсларнинг LGBTQI+ одамларига нисбатан икки томонлама стандартларини танқид қилган.  Аввал хабар қилинганидек, туҳмат бўйича тергов бошланишидан аввал 2021-йил 28-март куни Тошкент шаҳрида сайр қилиб юрган Базаровга ниқобли одамлар томонидан жисмоний ҳужум қилинган ва у жароҳатлар олиб, шифохонада даволанишга мажбур бўлган. Ички ишлар томонидан ҳужум юзасидан тергов очилган, бироқ унинг холислиги ва самарадорлиги ҳақида хавотирлар бор. Базаров аввал ҳам интернет орқали зўравонлик билан таҳдидлар олган, бунинг учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.

Яна бир хавотирли ҳолат диний блоггер Фозилхўжа Орифхўжаев билан боғлиқ. 2022-йил январида Тошкент шаҳар Олмазор туман суди блогерни “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш қилиш” (Жиноят кодексининг 244-1-моддаси)да айбдор деб топди ва мусулмон бўлмаганларни диний байрамлари билан табриклаши тўғри келадими ёки йўқми деган мавзуда Facebook ижтимоий тармоғидаги пости учун етти йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилинди. Орифхўжаев дастлаб 2021-йил июн ойида ҳукуматпараст блогер билан жанжалдан кейин майда безориликда (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси) айбланиб ҳибсга олинган эди. Бироқ у 15 кунлик ҳибс муддатини ўтаб бўлганидан кейин қўйиб юборилмади, аксинча, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Ички ишлар органлари тарқатиш учун мўлжалланган “шубҳали диний хусусиятга эга телефон материаллар” топилганини даъво қилмоқда. Human Rights Watch ташкилоти Орифхўжаевга нисбатан ҳибсхонада шафқатсиз муносабатда бўлган ва тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳақида хабар берган. Ташкилот Орифхўжаевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш асоссиз эканлигини таъкидлаб, уни озод қилишни талаб қилди.

Ижтимоий тармоқларда ҳокимиятни, айниқса президентни танқид қилиш ёки танқид қилганлик эхтимоли блоггерлар учун хавфли фаолият бўлиб қолмоқда. 2022-йил 3-феврал куни блогер Собиржон Бабаниёзов ижтимоий тармоқларда гўёки президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилганликда айбланиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Худди шундай, блоггер Валижон Калонов ҳам матбуотда гўёки Президентни ҳақорат қилгани учун қамалган ва 2021-йил 23-декабрда Жиззах Жиноят суди уни руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий руҳий даволаниш учун ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган. Калоновни таниган одамлар унинг руҳий касаллиги борлигидан бехабар эканликларини ва унинг руҳий касаллигини тасдиқловчи ишончли далил йўқлигини айтишади, бу эса Калонов ўз сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдалангани учун қасос сифатида психиатрия шифохонасига ётқизилганидан далолат беради.

Ўзбекистонда блогерлар таъқиб қилинишининг моҳиятини кўрсатувчи яна бир воқеа – Сурхондарёлик ҳуқуқ фаоли ва блогер Наргиза Абдиеванинг иши. У 2021-йил декабр ойида Озодлик радиосига ўзига бир неча бор тазйиқ ўтказилгани, хавфсизлик кучлари унга ва унинг атрофидаги одамларга босим ўтказаётганини айтдиБлоггер YouTube да ижтимоий муаммолар ва маҳаллий аҳолининг муаммолари, масалан, ичимлик суви, электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар ва бошқаларни муҳокама қиладиган видеоларни жойлаштиради. Бу Абдиева ўз бошлиғи устидан шилқимликда айблаб берган аризасидан кейин содир бўлган. Абдиевага нисбатан жиноий иш қўзғатилган, раҳбарига нисбатан эса чора кўрилмаган. Ўшандан бери у ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик кучлари томонидан бир неча бор тазйиқларга учраган, уйини тинтув қилиб, таҳдид қилишган. Абдиеванинг прокуратура ва президент девонига қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда ва блоггер маҳаллий ҳокимиятни очиқ танқид қилгани учун жиддий босим остида.

2022-йилнинг 2-март куни фуқаролик жамияти фаоллари, таниқли иқтисодчи ва блогер Юлий Юсупов ва сиёсатшунос Анвар Назир, шунингдек, Ўзбекистон парламентининг айрим депутатлари билан биргаликда Украинанинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюришди. 2022-йилнинг 15-мартида Анвар Назир ички ишлар бўлимига сўроққа чақирилган; кейинчалик унинг уйи тинтув қилиниб, 2022-йил сентабр ойи охири холатига кўра ҳалигача қайтарилмаган ноутбук ва мобил телефони мусодара қилинган. Айрим ички ишлар ходимлари уни ўлдириш билан қўрқитган. Назир Европа Иттифоқи делегациясига ва АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ёрдам сўраб мурожаат қилганидан сўнг, унга нисбатан босим пасайган, бироқ ҳибсга олинган мулк ҳалигача унга қайтарилмаган.

2022-йил 30-март куни Ўзбекистон Олий суди блогер Отабек Сатторийга нисбатан “туҳмат” ва “товламачилик” (Жиноят кодексининг 139 ва 165-моддалари)да айбланиб, 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги ўтган йилги суд ҳукмини ўз кучида қолдирди. Блоггер ўзининг Telegram ва YouTube каналларида маҳаллий ҳокимият вакилларини коррупцияда бир неча бор айблаганидан сўнг, Сатторийга қўйилган айбловлар уни сўз эркинлиги ҳуқуқини тинч йўл билан амалга оширгани учун жазолаш мақсадида уйдирилгани ҳақида ишончли даъволар бор. Сатторийга қўйилган дастлабки айбловлар 2020-йилнинг декабр ойида унинг товламачиликда айбланиб ҳибсга олинишига сабаб бўлган провокацияда айбланиши билан боғлиқ. Кейинроқ унга нисбатан илгари коррупцияда айблаган шахсларнинг аризалари асосида қўшимча айбловлар қўйилди. Саторий адолатсиз суд жараёнидан сўнг айбдор деб топилди, унинг айбини тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирилмади ва суд ҳимоячининг даъволарини, шу жумладан Саторийнинг тергов ҳибсхонасида қийноқга солинганлиги ва унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинганлиги, қамоқда сақлаш шароитлари унинг соғлиғига ёмон таъсир қилгани ва унинг оиласига қовуқ ва буйрак инфекциясини даволаш учун зарур бўлган дори-дармонлар билан таъминлашга рухсат берилмагани ҳақидаги даъволарини инобатга олмади. Хабар қилинишича, ҳибсга олинганидан бери унинг оиласи ички ишлар назорати остида бўлиб келмоқда.

2021-йил 28-июлдан бошлаб Сатторий жазони умумий тартибли колонияда ўтамоқда. Унинг соғлиғи ёмон. IPHR, AHRCA ва ҳамкорлар Ўзбекистон ҳукуматини Сатторийни зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга ва унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатишга чақирди.

2022-йил 2-май куни Freedom Now Сатторийнинг ҳибсга олиниши унинг сўз эркинлиги ҳуқуқининг қонуний амалга оширилиши билан боғлиқлигини ҳамда миллий ва халқаро қонунчиликда кўзда тутилган ҳуқуқларини бевосита бузаётганлигини таъкидлаб БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳига Сатторий номидан петиция билан мурожаат қилди.

Қорақалпоғистонда блогерлар ва фаоллар таъқиб қилинмоқда

2022-йил июн ойида эълон қилинган конституцияга киритилган ўзгартиришларни танқид қилган ва Қорақалпоғистондаги норозилик намойишларида қатнашган бир қатор блогерлар ва фаоллар таъқиб қилиниб, ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

2022-йилнинг 26-июн куни қорақалпоғистонлик блогер Курал Раметов ижтимоий тармоқларда танқидий фикрларини билдирди. Орадан кўп ўтмай ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни иш жойида қўлга олишди. Нодавлат манбаларга кўра, ички ишлар ходимлари уни қийноққа солган, жумладан электрошок билан, кейин эса Нукуснинг қандайдир жойида бутунлай кийимсиз ҳолда ташлаб кетишган. У уйига қайтишга муваффақ бўлган, бироқ ўша куни қайта ҳибсга олингани ва қўшни Хоразм вилоятига ўтказилгани хабар қилинган. Унинг рафиқаси ва бошқа қариндошлари ҳам ҳибсга олингани айтилмоқда.

Қорақалпоғистоннинг машҳур makan.uz ахборот сайти муҳаррири, журналист ва фаол Лалагул Каллихонова 2022-йил июн ойи охири ёки июл ойи бошида конституцияга киритилаётган ўзгартиришларни очиқ танқид қилгани учун ҳибсга олингани хабар қилинганди. 2022 йил 8 июлда Бош прокуратура Лалагул Каллихонова жамоат хавфсизлигига тажовуз қилганликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида оммавий баёнот берди. Хабар қилинишича, Лолагул Каллихонова жамоат хавфсизлигига тажовуз қилганликда айбланмоқда.

https://twitter.com/TurdiyevaU/status/1544960028087549952?s=20

Оммавий Ахборот Воситалари эркинлигини чеклаш: журналистлар ҳужум остида

Ўзбекистонда журналистларни таъқиб қилиш жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. 2022-йил бошидан буён журналистларга қарши камида 20 та ҳужум қайд этилган. Қуйида тавсифланган ҳолатлар ушбу муаммоли моделни кўрсатади.

2021-йил 3-ноябр куни Олий суд матбуот хизмати Telegram да Effect.uz нинг уч нафар журналисти – Элёрбек Тожибоев, Акбар Нуримбетов ва Хамиджон Аҳмедов Қашқадарё вилоят суди томонидан терговга аралашганликда айбдор деб топилгани ҳақида хабар берди. Журналистлар фирибгарликда айбланаётган тадбиркор Икром Худоёровнинг суд жараёни акс этган видео 2021-йил январ ойида нашрнинг YouTube каналида эълон қилинганидан сўнг жиноий жавобгарликка тортилган. Видеода судя, айбланувчилар ва журналистлар ўртасидаги зиддият акс эттирилган, натижада судя журналистларни суд залидан чиқариш тўғрисида қарор чиқарган. Уч нафар журналист видеони чоп этиш орқали “судя ва суд ижрочиларини ҳақорат қилиш, суд залини тарк этиш бўйича расмий буйруққа бўйсунмаслик ва ҳокимият ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот тарқатиш”да айбланган. Хабар қилинишича, Элёрбек Тожибоев уч йилга озодликдан маҳрум қилиниб жазони ижро этиш колониясига, Акбар Нуримбетов ва Хамиджон Аҳмедов эса мос равишда уч йил ва икки йилу олти ой муддатга шартли равишда озодликдан маҳрум этилган.

2022-йил январида Самарқанднинг “Вестник” [“Ҳабарчи”] газетаси бош муҳаррири ўринбосари, “Самарқандни қутқаринг” ижтимоий тармоғидаги ташаббус гуруҳи маъмури Анастасия Павленко Ўзбекистонда дастгоҳ санъати асосчиси Павел Бенковнинг маданий мерос рўйхатига киритилган уйи бузилиши ҳақидаги мақола эълон қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Павленкога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (“Ҳақорат”), 45 (“Фуқароларнинг уй-жой дахлсизлигини бузиш”), 46 (“Фуқароларга маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор қилиш”) ва 202-2 (“Ёлғон маълумотни тарқатиш”) бўйича айблов қўйилган.

2022-йил 18-январда Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Павленкони туҳматда айблаб, 530 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортди. Павленконинг сўзларига кўра, суд жараёни процессуал қонунбузарликлар, жумладан, самарали ҳимоя қилиш ҳуқуқини рад этиш билан ўтган, чунки суд унинг барча илтимосномаларини рад этган. Бундан ташқари, суд Павленко тушунмайдиган ўзбек тилида бўлиб ўтган ва суд унга таржимон бермаган. 2022 йил феврал ойида апелляция инстанциясида қарор ўз кучида қолдирилган, шундан сўнг Павленко кассация шикоятини берди. Иш ривожининг яхши томони шундаки, 2022-йил апрел ойида Олий суд даъво қилинган ҳуқуқбузарликлар бўйича тегишли суд тергови ўтказилмаганлигини кўрсатиб, аввалги барча қарорларни бекор қилди ва ишни қўшимча терговга юборди.

Rost24 ахборот агентлиги бош муҳаррири Анора Содиқова таҳдид ва босимлар туфайли тадбиркор Жаҳонгир Усмонов ҳақидаги мақолани олиб ташлашга мажбур бўлганини даъво қилди. Мақолада айтилишича, Усмоновнинг бир қанча компаниялари молиявий жиноятларда айбдор. Жаҳонгир Усмонов (собиқ бош вазир ўринбосарининг ўғли) номи ҳам молиявий ҳужжатларнинг ошкор этилишининг энг йирикларидан бири деб аталган Пандора ҳужжатларида учрайди.

Чет эллик журналист ва Uzmetronom асосчиси Сергей Ежков, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси – Комил Алламжонов кўмагида заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб кирилиши ҳақидаги мақоласини эълон қилгани учун катта миқдорда жаримага тортилиши, мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкинАлламжонов Ежков устидан шикоят ёзгач, унга нисбатан туҳмат бўйича иш қўзғатилган (Жиноят кодексининг 139-моддаси). Соғлиғи ёмон бўлган 68 ёшли журналист ҳозирда уй қамоғида сақланмоқда.

2022-йилнинг 1-июл куни қорақалпоғистонлик таниқли ҳуқуқшунос, журналист, “Эл хызметинде” (Халқ хизматида) газетасининг собиқ муҳаррири Даулетмурат Тажимуратов Нукус масжидида намоз ўқиганидан сўнг тарафдорлари олдида нутқ сўзлади. У Қорақалпоғистон парламентига борганини ва қорақалпоғистонликларнинг конституциявий ҳуқуқларига эътибор қаратиш мақсадида 2022-йил 5-июл куни парламент биноси олдида митинг ўтказишга рухсат сўраганини маълум қилди. Фуқаролик жамияти фаолларига кўра, Қорақалпоғистон ҳукумати унга рухсат берган, бироқ ўша куниёқ Тажимуратов ҳибсга олинган. Тажимуратовнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар янада кўпроқ одамларни кўчага чиқарди.

Тажимуратов бир неча соатдан сўнг ҳибсдан озод қилинди ва ОАВ манбаларига кўра, 2022-йилнинг 1-июл куни кечқурун Нукусдаги норозилик намойишида яна пайдо бўлиб, у ва Қорақалпоғистон парламенти раиси Мурат Камолов намойишчиларга мурожаат қилган. Маҳаллий гувоҳларнинг айтишича, намойиш тинч ўтган ва махсус кучлар қўшинлари ҳозир бўлган, аммо аралашмаган. Сўнгра Тажимуратов ва Камолов Қорақалпоғистоннинг олий вакиллик ва қонун чиқарувчи органи бўлмиш Жўқорғи Кенгесига киришган, намойишчилар эса ташқарида кутишган.

Ўша куни кечқурун Тажимуратов уйига қайтганида унинг уйи ёнида ўнлаб тарафдорлари тўпланишган. Эртаси куни эрталаб соат 3 ларда хавфсизлик кучлари унинг уйига бостириб кириб, Тажимуратовни яна ҳибсга олишган. Тажимуратовнинг рафиқаси ва болаларининг қаерда эканлиги ҳозирча номаълум. Нодавлат манбаларга кўра, операция давомида Тажимуратовнинг уйи ёнида турган 35 га яқин нукуслик фуқаро ҳалок бўлган. Уларнинг ўлими ҳолатлари ҳақида бошқа тафсилотлар маълум эмас. Ҳалок бўлганлардан бирининг исми Даулетмурат Жиемуратов, қолганларнинг исмлари ҳозирча номаълум.

Нодавлат манбаларга кўра, кейинчалик Тажимуратовга нисбатан “Конституциявий тузумга тажовуз қилиш” (Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми) айблови қўйилган. У ҳибсда жисмоний зўравонликка учрагани ҳақида даъволар бор. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у олган жароҳатларини даволаш учун қўшни Хоразм вилоятидаги тиббиёт муассасасига ўтказилган ва оғир аҳволда реанимацияда. 8 июл куни Бош прокуратура Тажимуратовга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини тасдиқлади.

Countries

Uzbekistan: the latest news

More news
Ўзбекистон: Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари зўравонликка айлангани, блоггерлар ва фаоллар таъқиб қилингани – фуқаролар эркинликлари қаттиқ чекланганлигича қолаётганидан далолат беради

Ўзбекистон: Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари зўравонликка айлангани, блоггерлар ва фаоллар таъқиб қилингани – фуқаролар эркинликлари қаттиқ чекланганлигича қолаётганидан далолат беради

Subscribe to our updates

Please select the topic(s) on which you wish tor receive news/updates from us
Type of information you wish to receive
Copied!